Португалиянинг Одивелаш шаҳрида парадзюдо бўйича Жаҳон чемпионати ниҳоясига етди, деб хабар беради МОҚ матбуот хизмати.
Беллашувларнинг иккинчи кунида ўзбекистонлик икки нафар спортчи шоҳсупага кўтариллди. -70 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Васила Алибоева мусобақа давомида Италия, Россия ва Мексика вакилаларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда бразилиялик рақибасига имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан кифояланди.
+100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган Ширин Шарипов илк жангида грузиялик спортчидан устун келди. Чорак финалда Жанубий Корея терма жамоаси вакилига ютқазиб қўйди. Бронза медали учун кечган жангларда эса Жазоир ва россиялик икки нафар спортчидан устун келди.
Натижада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган парадзюдочилар Португалиядаги Жаҳон чемпионатини 1 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медали билан якунлади. Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида эса 42 мамлакат ичида тўртинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)