Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан четлатилган яна 3 нафар ижодкор қайта аъзоликка тикланди. Мамадали Маҳмудов билан биргаликда яна турли сабабларга кўра уюшмадан четлатилган уч нафар ижодкор уюшма аъзолигига олинди, деб ёзади ЎзА.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида «Ижод» жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адиблар номлари билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари бунёд қилинмоқда. Ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда. Президент соврини учун «Ёш китобхон» республика танловини ўтказиш анъанага айланди.

Турли сабабларга кўра уюшмадан четлатилган атоқли ижодкорларнинг Уюшма аъзолигига қайтарилаётгани амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Яна турли сабабларга кўра уюшмадан четлатилган уч нафар ижодкор — Нортўхта Қилич, Эргаш Муҳаммад, Дилшода Саидолимова ҳам қайта аъзоликка олинди.