Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон кўчаси, 11-А уй қурилиши 2015 йилдан буён чала-ярим ҳолатда қолдирилган, хонадон эгалари эса битказилмаган уйлар учун кредит фоизларини тўлаб келмоқда, деб ёзади «Turon24».
Мазкур 11-А уйнинг 4-хонадонини 2016 йилда харид қилган Сайёра Аркаева берган маълумотларга кўра, 2016 йил 23 февраль куни Нукус шаҳри ҳудудида хизмат кўрсатувчи «Нукус темир-бетон қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурилиш корхонаси билан 61-сонли олди-сотди шартномаси имзолаган. Шартномада хонадоннинг умумий баҳоси 160 милион сўм қилиб белгиланган, шундан 25 фоизи — 40 миллион сўм маблағ Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Қорақалпоғистон бўлими орқали ўтказиб берилган. Қолган 75 фоизи — 120 миллион сўм «Миллий банк» томонидан ажратилган ипотека кредити орқали тўлаб берилган. Хонадон эгалари шу кунга қадар кредитни банк белгилаган график асосида тўлаб келган.
Худди шу ҳолат Азиза Пирниязова билан ҳам такрорланган. 2016 йилнинг 5 май санасидан бошлаб, «Миллий банк»нинг Қорақалпоғистон бўлими томонидан ажратилган 82 миллион 500 минг сўм кредитнинг 14 фоизли тўлови ҳар ойда тўлаб келинган.
«Сайёра Аркаева, Азиза Пирниязова, Даврон Алланиязовлар билан ўз номимизга расмийлаштирилган, ипотека кредити ажратилган уйларда яшаш имкони йўқлиги бўйича кўпгина ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ёзма тарзда мурожаатлар йўлладик. Биз мурожаат қилган барча вазирлик ва ташкилотлар мурожаатни ўрганиб чиқиб, қурилишни давом эттириш ‘Нукус темир-бетон қурилиш’ МЧЖга юклатилганини билдирмоқда. Кўраётганингиздек, бу ҳудуда ҳеч қандай қурилиш жараёни кетаётгани йўқ», — дея ушбу ҳолатлар бўйича ўз норозилигини билдирди Алибек Аламинов ҳам.
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасига йўлланган мурожаатга жавоб хатида кўрсатилишича, Нукус шаҳри ҳокимининг 02.04.2015 йилдаги 01/04 297-сонли қарори билан «Нукус темир-бетон қурилиш» масъулияти чекланган жамиятига Нукус шаҳри Қорақалпоғистон кўчасидан 4 қаватли 16 хонали уй-жой қуриш учун 420 метр квадрат ер майдони ажратиб берилган. Лекин жамият раҳбари Бауиржан Бўронбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди, 167-моддаси, 3-қисми «б» , «в» бандлари ва бошқа бандлар билан айбланиб, жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани судининг 13.03.2018 йилдаги ҳукми билан Б.Бўронбоевга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангани боис, қурилиш ишлари тугалланмасдан қолган.
Бугунги кунда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Нукус филиали томонидан уй-жойнинг қурилиш ишларини давом эттириш «Нукус темир бетон қурилиш» МЧЖ таъсисчиси Бозорбой Адилбековга топширилган ва қурилиш ишларини якунига етказиш мажбуриятини юклаш юзасидан судга даъво аризасини киритиш масаласида савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармасига хат киритилган.
«Нукус темир бетон қурилиш» МЧЖ таъсисчиси Бозорбай Адилбеков тушунтириш хати орқали ушбу уй-жойларнинг қурилишини тез орада якунига етказишни ва ўз эгаларига топширишини билдирган, бу ҳақда прокуратуранинг жавоб хатида келтириб ўтган.
«Нукус темир бетон қурилиш» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Бозорбой Адилбековдан мазкур ҳолатлар изоҳи сўралганида, у 11-А уйнинг қўшимча 8 хонадонли қисми учун Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг ҳудудий бўлими томонидан жамият ҳисобига пул ўтказилмагани, ҳеч қандай маблағсиз қурилишни бошлай олмаслигини маълум қилди.
Нашр мухбири хонадон эгалари томонидан тўланаётган маблағлар қаерга йўналтирилаётгани, нима учун қурилиш корхонасига маблағ ўтказилмаётганини билиш мақсадида «Миллий банк» билан боғланди. Лекин банк вакили бу ишлар юзасидан суд жараёни олиб борилаётгани учун ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини маълум қилган.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг маълум қилишича, уйнинг аҳоли яшаётган 16 хонадонли қисмидаги қурилиш ишлари ҳам хўжа кўрсинга қилинган. Хонадонларнинг олди қисми тўла таъмирланмаган, у ерда машиналарни қўйишга жой ажратилмаган. Болалар майдончаси ва чиқинди ташлаш ҳудуди йўқ. Қурилиш чала қолдирилган саккиз хонадон ичига ҳам чиқиндилар йиғилган.
Изоҳ (0)