Ўзбекистон Президентининг 2 июлда қабул қилинган «Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида фермер хўжаликлари бухгалтерия ҳисоб-китобини сифатли ва тезкор олиб бориш бўйича чоралар кўрилмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бош ҳисобчиси Гавҳар Сувоновнинг қайд этишича, жойларда фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг сони ҳозирда 157 тага етди.
Мазкур марказларга қарийб уч минг нафар бухгалтер ишга қабул қилинган бўлиб, улар фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмалар, мавсум якуни бўйича товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказиш, солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш каби вазифаларни бажаради.
Марказлар пахта ва бошоқли дон етиштирувчи фермерларга текин хизмат кўрсатади. Шунингдек, молиявий имконияти чекланган, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш издан чиққан айрим хўжаликларда ҳисоботни тиклаш мақсадида уч ой давомида бепул хизмат кўрсатилади. Бошқа маҳсулот етиштирувчилар ушбу хизматлар учун белгиланган тартибда тўловни амалга оширади.
Айни вақтда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг агротехкарталари асосида ажратилган кредит ресурсларини онлайн тарзда бошқариш, тўловларни амалга ошириш ва қолдиқларни назорат қилиб бориш имкониятини берувчи махсус мобил банкинг дастурий таъминот «Агробанк» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Бу мобил банкинг дастурининг ишга тушиши натижасида фермер хўжаликлари фаолияти тўғрисидаги барча зарур маълумотларнинг электрон базаси яратилади.
Изоҳ (0)