Наманган вилояти Поп тумани Қамчиқ довонида 22 октябрь куни соат тахминан 20:55 да номаълум ҳайдовчи пиёдани уриб юборган, сўнг бу пиёданинг устидан яна бир неча машина ўтиб кетган. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Поп туман ИИБга асосланиб хабар бермоқда.
ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасидан маълум қилишларича, пиёда — Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қатортол маҳалласида яшаган 41 ёшли Эркин Эргашбоев олган жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойининг ўзида вафот этган.
«Қидирилаётган ҳайдовчи топилганича йўқ. Ҳозирги вақтда видеокузатув камералари ёзувлари текширилмоқда. Бу — мураккаб жараён, чунки машина пиёдани уриб юборганидан сўнг, буни сезмай қолган бошқа автомобиллар ҳам пиёдани босиб ўтган. Биринчи машина ҳайдовчисини излаш ишлари олиб борилмоқда», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши.
Поп тумани ИИБдан қўшимча қилишларича, ҳозирги вақтда икки ҳайдовчи ишга жалб этилган. «Видеоёзувлар асосида ўша куни ўтган автомобилларни аниқлаб, улар ҳақидаги маълумотларни Андижон, Фарғона ва бошқа ҳудудларга юборяпмиз», — деди туман ИИБ вакили.
«Агар кимда-ким ушбу ҳодисага гувоҳ бўлган ва номаълум автомашина ҳамда унинг ҳайдовчиси ҳақида бирор маълумотга эга бўлса, ички ишлар органларининг ҳудудий бўлимларига бориб ёки 102 телефон рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз», — дейилади ИИВ баёнотида.
Изоҳ (0)