Саудия Арабистони ҳукумати журналист Жамол Қошиқчининг ўлими учун жавобгарлиги исботланса, Франция ушбу мамлакатга қарши санкциялар жорий этади. Бу ҳақда Франция ҳукумати расмий вакили Бенжамен Гриво баёнот берди, деб хабар қилади «РИА Новости».
«Мазкур ишлар бўйича фактлар аниқланиб, разведка хизматимиз томонидан тасдиқланмагунига қадар бир қарорга келмаймиз», — деди у Елисей саройида бўлиб ўтган Вазирлар кенгаши йиғилиши чоғида.
«Бошқа томондан, бу нарса хизматларимиз томонидан аниқланиб, ойдинлаштирилса, Саудия Арабистонининг жавобгарлиги исботланса, биз хулосалар қиламиз ва санкциялар жорий этамиз», — қўшимча қилди Гриво.
Саудиялик журналист Жамол Қошиқчи Washington Post газетаси (АҚШ) шарҳловчиси бўлиб, 2017 йилдан буён АҚШда истиқомат қиларди. У 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига кирганидан сўнг ғойиб бўлди.
20 октябрь куни Саудия Арабистони бош прокурори Қошиқчи ўлдирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни ошкор этди. Иш юзасидан 18 киши ушланиб, сўроқ қилинди.
Франция биринчилар қаторида Қошиқчининг ўлдирилишини қоралаб чиқди.
Изоҳ (0)