Ўзбекистонда Facebook ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларига кириш, YouTube видеохостингидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ташқи интернет-канал сиғимини кенгайтириш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров 18 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида «Газета.uz» нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади Turon24.
«Биз интернет тезлигини ошириш бўйича лойиҳа амалга оширилишини якунига етказяпмиз», — деди Олимжон Умаров.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил бошида мамлакатда интернет тезлигини бир неча бор ошириш ҳақида кўрсатма берган эди. АКТ соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган 19 сентябрдаги йиғилишда давлат раҳбари ушбу топшириғини яна бир бор эслатиб ўтди.
АКТ вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаровнинг сўзларига кўра, интернет тезлигини ошириш йўлида қилинган ишлар «самарасини фуқароларимиз ноябрь ойи охирида очиқ-ойдин ҳис қилишади». «Айни вақтда зарур апгрейд учун бир қатор ускуналар сотиб олинмоқда. Техник узилишлар мазкур ускуналарни синовдан ўтказилиши, апробацияси, уларни созлаш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин», — деди Олимжон Умаров.
Ўзбекистонда сентябрь ва октябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғига кириш, ундан фойдаланиш бўйича тез-тез муаммолар юзага келди. Октябрь ойи бошидан бошлаб эса YouTube видеохостингидан фойдаланишда ҳам ўхшаш муаммолар юзага кела бошлади. Facebook билан боғлиқ ҳолат юзасидан ваколатли органлар ўз вақтида бизнинг алоқамиз йўқ деган мазмунда изоҳлар берилган бўлса-да, YouTube билан боғлиқ вазият бўйича шу вақтгача бирор расмий тушунтириш берилмаган эди.
Изоҳ (0)