Facebook компанияси ижтимоий тармоқ киберҳужумга учраганини маълум қилди. Meduza’нинг ёзишича, ҳужум салкам 50 миллион аккаунтга таъсир қилган.
Ҳуқуқбузарлар «Бу фойдаланувчи сифатида кўриш» функцияси билан боғлиқ носозликдан фойдаланган; улар фойдаланувчига ҳар сафар логин ва паролни қайта-қайта термасдан ижтимоий тармоққа кириш имконини берувчи кириш калитларини ўғирлашга муваффақ бўлган. Ушбу калитлар ёрдамида хакерлар аккаунтлар устидан назорат ўрнатган бўлиши мумкин.
Охир-оқибат бирор аккаунт ўғирланганми-йўқми, бундан Facebook ҳозирча бехабар. Хавфсизлик нуқтаи назаридан ижтимоий тармоқ 90 миллион фойдаланувчининг кириш калитларини алмаштириб чиқди; шу боис фойдаланувчилар 28 сентябр, жума куни логин ва паролларни қайтадан теришга мажбур бўлган. Facebook’нинг баёнотиа кўра, паролни ўзгартириш шарт эмас.
«Биз носозликни бартараф этдик ва юз берган ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилдик... Ушбу ҳужум ортида ким турганини ва улар қаердан туриб ҳужум қилганини ҳозирча билмаймиз», — дейилади ижтимоий тармоқнинг баёнотида.
Изоҳ (0)