Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан Конимех туманида «Ҳуқуқий ахборот кунлари» ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда адлия органлари ходимлари бошчилигида турли идора вакилларидан иборат 6 та тарғибот гуруҳи томонидан тумандаги 13 маҳалла ва овулда истиқомат қилувчи аҳоли билан хонадонма-хонадан юриб, учрашувлар ўтказилди. Фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича тушунчалар берилди.
«Уйма-уй юриш давомида 172 мурожаат тегишли тартибда қабул қилиниб, уларнинг барчаси бошқарма ва тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда, — дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайбулла Примов. — Қарийб 100 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича жойида ҳуқуқий маслаҳат берилди. Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан жами 24 сайёр нотариал ҳаракат амалга оширилди. Туман маъмурий суди 7 ишни бевосита маҳаллада сайёр тартибда кўриб чиқди».
Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож 14 нафар фуқаронинг ҳолидан хабар олиниб, уларга кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг биринчи куни туман марказидан 210 километр олисда жойлашган «Учтепа» овул фуқаролар йиғинидаги «Салтанат» мактабгача таълим муассасасида бўлган учрашувда болаларга дастлабки ҳуқуқий билимни шакллантириш учун адлия бошқармаси томонидан тайёрланган махсус қўлланмалар тарқатилди.
Бундан ташқари, тумандаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди.
Тадбирнинг иккинчи куни туман марказидаги истироҳат боғида «Ҳуқуқий ахборот кунлари»нинг байрам сайли ташкил этилди. Шунингдек, тижорат банки томонидан 10 нафар тадбиркорга имтиёзли кредит асосида тикув машинаси берилди ҳамда 11 кишига тантанали равишда фуқаролик паспорти топширилди.
Изоҳ (0)