Самарқанд вилояти Ургут тумани «Бойбул» маҳалла фуқаролар йиғини мажлислар залида туман маъмурий суди раиси А.Алимов бошчилигида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими масъул ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Суд мажлисида «Жартепа» чегара божхона постида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари билан боғлиқ 10 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддасига асосан кўриб чиқилди.
Сайёр судда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан бир неча шахсларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, «Жартепа» чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан келган фуқаро Ж.Б.нинг ахборот ташувчи воситасида аниқланган беҳаё мазмундаги видеофайлларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилди.
Ж.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, фуқаро М.С. умумий қиймати 3 миллион сўмдан зиёд олти хил турдаги товарни божхона қоидаларини бузган ҳолда Ўзбекистонига олиб киришга уринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш ҳам кўрилди.
М.С. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-22-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан МЖтКнинг 21-моддаси қўлланиб, огоҳлантирилган ҳолда, товарлар давлат эгалигига мусодара қилинди.
Изоҳ (0)