Бугунги кунда автобус бекатларига электрон табло ва Wi-Fi ўрнатиш бўйича жадал ишлар кетмоқда. Қўшимча равишда автобусларга кузатув камераларни ўрнатиш, 2030 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган жамоат транспортини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш, автобус саройларида давлат хусусий шериклик асосида газ қуйиш шoҳобчаларини (АГНКС) қуриш ҳам режалаштирилган. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида «Пойтахт транспорти: кеча, бугун, эртага» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади Uz24.
Транспорт хизмати сифатини ошириш, соҳага янгиликларни олиб кириш, замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида хорижий компания ва фирмалар билан музокаралар олиб борилмоқда. Шу кунгача Корея, Миср, Сингапур, Беларусь каби давлатларнинг етакчи компаниялари билан учрашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари, БМТ халқаро ташкилотининг ривожланиш дастури доирасида мамлакатга электробусларни келтириш юзасидан лойиҳага қўл урилди. Шунингдек, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан ўтказилаётган музокараларда бир автобус саройи бошқарувини уларга бериш масаласи ҳар тарафлама ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, автосаройларда MAN русумли автобуслар сонининг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 5-автобус саройи қошида MAN сервис марказини қуриш бўйича ишлар бошланмоқда.
Изоҳ (0)