Самарқанд халқаро аэропортига Домодедово—Самарқанд йўналишидаги 7985-рақамли авиарейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қ.А. божхона назоратидан ўтаётганида декларацияда кўрсатилмаган 39 турдаги умумий баҳоси 10 миллион сўмга яқин тиббиёт ускуналарини яшириб ўтаётганлиги маʼлум боʻлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» давлат унитар корхонасининг хулосасига кўра далилий ашё сифатида олинган 39 турдаги тиббиётда фойдаланиладиган ускуналар фуқаро Қ.А. томонидан қонуний лицензиясиз (рухсатнома), сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ва уларни ташиш, сақлаш шароитларига амал қилинмаганлиги сабабли ушбу дори воситалари ва тиббий буюмларни Ўзбекистонга олиб кириш, сотиш, фойдаланиш ва тиббий амалиётга қоʻллашга рухсат этилмайди.
Аниқланган ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маʼмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат бўйича суд ишида фуқаро Қ.А.ни қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги эътироф этилиб, унинг муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиб тегишли қарор чиқарди. Фуқаро Қ.А. маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган тиббиётда фойдаланиладиган ускуналар тегишли тартибда йўқ қилинди.
«Самарқанд аэропорти» чегара божхона пости катта инспектор-суриштирувчиси Лазиз Қаҳҳоровнинг маълум қилишича, жорий йил бошидан буён «Самарқанд аэропорти» чегара божхона постида 10 218 дона умумий қиймати 165 миллион 559 минг сўмлик тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тиббиёт буюмлари ҳамда дори воситалари олиб кирилиши олди олинган.
Изоҳ (0)