Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан бир неча бор учрашув ўтказиб, учрашув чоғида ўзбек футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берган ҳамда янги дастур ва лойиҳалар бўйича келишувга эришганди. Жумладан, келишувга кўра Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ФИФА томонидан янги автобус совға қилиниши ҳақида айтиб ўтганди.
«Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ваъда қилган янги автобус юртимизга етиб келди», — дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати. Mercedes Травего М русумидаги автобус 46 йўловчига мўлжалланган бўлиб, 483 от кучига эга. «Барча қулайликларга эга, замонавий воситалар билан жиҳозланган», — дейилади МОҚ ахборотида.
Маълум бўлишича, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғинлар давомида ва учрашувларга бориш учун шу пайтгача клублардан олинган автобуслардан фойдаланиб келган. «Ушбу автобус миллий рамзларимиз ва ЎФА логолари билан безатилади ҳамда йиғин ва учрашувлар давомида миллий терма жамоамиз футболчилари учун хизматга шай бўлади», — дейилади МОҚ хабарида.
Изоҳ (0)