Жорий йилнинг 9—15 август кунлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қибрай туманидаги 85 та маҳалла ўрганилиб, хотин-қизлар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит масалаларидаги муаммолар чуқур таҳлил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси «Дарё»га маълум қилди.
Ўрганиш давомида барча оилаларга кирилиб, муаммо ва камчиликлар аниқланди. Тумандаги 85 та маҳаллада оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар аниқланиб, айниқса ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачаси, эшитиш аппарати, ҳасса, қўлтиқ таёқ олиб берилади, тиббий ёрдам кўрсатилади, ишлашга лаёқати бўлган ногирон фуқаролар ишга жойлаштирилади.
Кўриладиган чоралар — 137 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларни босқичма-босқич уй-жой билан таъминлаш белгилаб олинди. Унга кўра, жорий йил якунига қадар биринчи навбатда уй-жойга муҳтож бўлган 86 нафар, 2019 йилда эса 50 нафар аёл уй-жой билан таъминланади.
Туман бўйича 375 нафар ишлаш истаги бўлган хотин-қизлар мавжуд бўлиб, уларнинг 268 нафари уйма-уй юриш жараёнида аниқланди. 150 нафар тадбиркорлик истагини билдирган хотин-қизлар иштирокида семинар ўтказилди. Уларга яратилган имкониятлар ва имтиёзли кредитлар бўйича маълумотлар берилди. Семинар натижасида 110 нафар хотин-қизлар «Ҳунарманд» ва «Тадбиркор аёл» уюшмаларига аъзо қилинди ва уларга ҳозирда меҳнат дафтарчалари очиш чораси кўрилмоқда.
«Устоз-шогирд» тизими асосида 10 та маҳаллада тўрт нафар ҳунармандга ва беш нафар тадбиркор аёлга 90 нафар хотин-қизлар шогирд сифатида бириктирилди.
Туман бандлик маркази билан биргаликда 107 нафар хотин-қизлар тумандаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилади. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 268 нафар аёллар бандлиги таъминланади. Жумладан, уларнинг 50 нафарига фонд маблағларидан микрокредитлар, 110 нафарига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилади, 108 нафари кичик корхоналар ташкил этилиш, ҳунармандчилик, касаначиликка жалб этиш орқали бандлиги таъминланади.
Аниқланган барча муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Ушбу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Қибрай туманида аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази очилди. Бу марказ оғир ҳолатга тушиб қолган аёлларга ёрдам қўлини чўзиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларга психолог, ҳуқуқшунос, тиббиёт ходими ва бошқа йигирмадан зиёд ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Мазкур марказ куну тун, яъни йигирма тўрт соат давомида фаолият юритиб, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёлларга энг биринчи ёрдамни бера олади.
Изоҳ (0)