Ўзбекистонда жорий йилнинг 5 сентябригача эълон қилинган «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик» қизғин давом этаётган шу кунларда Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов фермер хўжаликлари далаларида бўлиб, ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирларнинг бориши билан яқиндан танишмоқда. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, Денов туманидаги фермер хўжаликлари далаларида бўлган чоғида Бобур номли СИУ ҳудудида жойлашган «Абдураҳмон-Қут-Барака» фермер хўжалиги раҳбари Сайфулло Жабборов вилоят ҳокимига 22,5 гектар экин майдони учун жами 12,5 тонна аммиакли ўғит ажратилиши белгиланганлиги, аммо таъминотчи ташкилот — «Сурхондарё Агрокимёҳимоя» АЖ туман филиали томонидан унинг бор-йўғи 8 тонна 200 килограмми етказиб берилганлигини айтиб, ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириш учун қолган минерал ўғитнинг ҳам олинишида амалий ёрдам сўради.
Суриштирув жараёнида ҳақиқатан ҳам «Сурхондарё Агрокимёҳимоя» АЖ Денов тумани филиали томонидан ушбу фермерга пахта ҳосилини етиштириш учун ажратилган 4 тонна 300 кг аммиакли селитранинг етказиб берилмаганлиги тасдиқланди.
Вилоят ҳокими томонидан мутасаддиларга фермернинг мурожаатини зудликда ижобий ҳал этиш, мазкур ҳолат юзасидан керакли ҳужжатларни тайёрлаб, таъминотчи ташкилотнинг мол-мулкини тўлиқ хатловдан ўтказиш, унинг натижаси бўйича қарор қабул қилиш учун туман прокуратурасига тегишли тақдимнома киритиш бўйича қатъий топшириқ берилди.
Ғўза агротехникаси талабини муддатида ва сифатли бажариш фермер учун жуда муҳим юмуш бўлиб турган айни паллада таъминотчи ташкилот — «Сурхондарё Агрокимёҳимоя» АЖ туман филиали раҳбари Алишер Алимардоновнинг бу қилмиши бошқаларга ҳам ибрат бўлиши учун шу куннинг ўзида вилоят ҳокимлигида «Сурхондарё Агрокимёҳимоя» АЖ ҳамда унинг туманлардаги филлиаллари, алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда вилоят ҳокими томонидан мутасаддиларга бу тўғрида қатъий огоҳлантиришлар берилиб, тегишли кафолат хатлари олинди.
Изоҳ (0)