9 август куни муборак «Ҳаж — 2018» сафарини амалга ошириш истагида бўлган қашқадарёликлар Қарши аэропортидан Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига Боинг-767 самолётида жўнаб кетди, деб ёзади ЎзА.
«Ҳаж — 2018» дастури доирасида жорий йилда 7 минг 200 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратини амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Уларнинг 413 нафари қашқадарёлик зиёратчидир.
«Қашқадарё вилоятидан дастлабки гуруҳда 208 нафар фуқаро муборак Ҳаж зиёратига жўнаб кетди, — дейди Қарши аэропорти божхона пости бошлиғи Хуршид Мирзаев. — Ҳаж зиёратига кетаётган фуқаролар қизил ва яшил йўлакларда ҳаракатланди. Зиёратга кетаётганларда 2 минг АҚШ долларидан кам нақд чет эл валютаси бўлса, улар ҳеч қандай декларация тўлдирмасдан, божхона назоратини соддалаштирилган тартибда амалга ошириб, яшил йўлакдан ўтди. Бу эса уларнинг божхона назоратидан ўтиш ва ҳаракатланиш вақтини анча қисқартирди».
Қарши аэропортида йўловчилар учун барча шароит яратилган бўлиб, махсус ишчи гуруҳ зиёратга йўл олганларга рўйхатдан ўтиш, божхона хизматлари кўрсатишда яқиндан ёрдам берди.
Вилоятдан Ҳаж сафарига бориш истагида бўлган фуқароларнинг иккинчи гуруҳи 11 август куни Қарши аэропортидан Боинг-767 самолётида парвоз қилади.
Изоҳ (0)