Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Мазкур қарор билан Халқ таълими, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг:

Мажбурий мактаб дастурлари доирасида 150 та умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитишни ташкил қилиш;

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабини Ўзбекистон шахмат федерацияси тасарруфига бериш;

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахмат клублари ҳамда шахматга ўқитиш ва шахматчилар тайёрлашни амалга оширувчи бошқа спорт муассасалари Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда мажбурий аккредитациядан ўтказилиши тартибини белгилаш;

Шахмат клублари томонидан ўзларининг фаолиятлари ҳақида ҳар чоракда Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳисоботлар тақдим қилиш механизмини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.

Ўзбекистон шахмат федерациясига Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда:

Шахмат клубларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Республикадаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббий кадрларни тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини;

Шахмат клублари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар шаклини тасдиқлаш тавсия этилди.

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўз фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштириш асосида олиб боради, хўжалик ва молиявий фаолият масалаларини мустақил равишда ҳал қилади.

Мактаб фаолиятини молиялаштириш унинг ўз маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар