Жакартада 7 август куни Индонезия Олий таълим муассасалари уюшмаси, Гунадарма университети, Индонезиянинг бир қатор тижорат тузилмалари ва Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси иштирокида Индонезия—Ўзбекистон дўстлик жамияти ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Дўстлик жамияти фаолияти доирасида туризмни ривожлантириш, илм-фан, маданият ва санъат, иқтисодий форумлар соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш белгиланган.
Жамиятни ташкил этишга бағишланган тадбир Гунадарма университетининг 37 йиллигини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди. Университет ректори Эко Шри Индонезия—Ўзбекистон дўстлик жамияти Индонезия ва ўзбек халқини бирлаштиришда муҳим рол ўйнашига ишонч билдирди.
Гунадарма университети Ўзбекистонда Миллий университет, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд чет тиллар институти ва бошқа ОТМлари билан ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)