АҚШдаги Калифорния университети олимлари чилим ва оддий сигареталарнинг инсон саломатлигига етказадиган зарари бир хил эканини аниқлади, деб ёзмоқда Tengrinews.

Олимлар 48 кишидан иборат гуруҳда тажриба ўтказган. Улардан 30 дақиқа мобайнида чилим чекиш сўралган. Мутахассислар гуруҳдаги кишиларнинг чилим чекишидан олдинги ва кейинги юрак уриши, артериал босими, қон таркибидаги никотин моддасининг миқдорини ўлчаган.

Натижада олимлар чилим чекишнинг бир сеанси оқибатида 1 дақиқадаги юрак уришлари сонини ўртача 16 тага кўпайганини аниқлаган. Шунингдек, чилим чекканларнинг қон босими ҳам кўтарилган. Бундан ташқари, чилим чекиш артериал қаттиқлик даражасини сезиларли даражада оширган. Бу эса қон-томир касалликлари ривожланишининг асосий омили ҳисобланади.

Олимларнинг таъкидлашича, бу каби кўрсаткичлар оддий сигарета чекувчиларнинг кўрсаткичлари билан бир хил. Шундай қилиб, чилим соғлиққа сигареталарга нисбатан камроқ зарар етказади, деган қараш исботини топмаган. Бундан ташқари, чилим тайёрлашда фойдаланиладиган кимёвий моддаларнинг аксарияти сигареталар ишлаб чиқаришда тақиқланган. Яъни, бундай кимёвий моддалар инсон организми учун катта хавф туғдиради.