Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги 9 гектар майдонда барпо этилаётган кўп тармоқли Humo Arena муз саройи қурилишидан фотогалерея тақдим этди, деб ёзади «Халқ сўзи».
12 минг кишилик трибунага эга кўп функсионал сарой ҳудудида муз аренаси, машғулотлар ўтказиладиган майдон, ўқув-кўнгилочар болалар хиёбони, оилавий кўнгилочар марказлар, амфитеатр, фавворали хушманзара боғлар, ресторан ва рекреацион ҳудудлар, боғ ва сайилгоҳ, замонавий паркинг ва бошқа кўплаб иншоотлар жойлашади.
Мажмуада ўлчамлари 60х30 метр бўлган иккита — асосий ва машқ муз ареналари режалаштирилган бўлиб, бино умумий майдони 74 минг квадрат метрни ташкил қилади, бино 4 қаватдан иборат бўлиб, баландлиги 36 метрни ташкил этади.
Шунингдек, муз саройи 12,5 минг ўринга эга бўлиб, концерт зали сифатида 10 минг, спорт мусобақалар ўтказиш зали сифатида эса 14 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринлик машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган.
Мажмуа ҳудудида шунингдек, спорт музейи, болалар учун ёпиқ ўйингоҳ, тренажёр заллари, фитнес маркази, замонавий типдаги умумий овқатланиш шохобчалари, спорт анжомлари дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.
Inshoot атрофи замонавий ландшафт архитектураси усулларидан фойдаланган ҳолда ободонлаштирилади ва аҳолига қулай бўлган маданий ҳордиқ чиқариш учун майдончалар ва боғлар барпо этилади. Бундан ташқари, бино ёнида 2 мингта автомобиль учун мўлжалланган 4 қаватдан иборат автотураргоҳ қурилади.
Муз саройи дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлаштирилади, жумладан, иншоотнинг меъморий ғоясидан муҳаббат, бахт ва ҳурлик рамзи бўлган Ҳумо қуши ўрин олган.
Уларда жисмоний имконияти чекланган кишилар учун ҳам барча шароитлар яратилади.
Мазкур мажмуа дунёдаги етакчи архитекторлик бюроларидан бири бўлган ва 2018 йилда Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган қишки Олимпия ўйинлари учун хам барча олимпия объектларни лойиҳалаштирган бюронинг эксклюзив лойиҳаси бўйича, архитектура ва дизайн соҳасидаги энг замонавий тенденциялардан фойдаланган ҳолда, халқаро спорт федерацияларининг олий даражадаги мусобақалар ўтказиш бўйича стандарт ва талабларга мувофиқ қурилади.
Ўзбекистон учун эксклюзив лойиҳа бўлган янги кўп функсионал муз саройи бугуннинг ўзида нафақат катта мегаполиснинг, балки дунё миқёсидаги энг яхши спорт-маданий марказларидан бири бўлиш учун жиддий талаблар билан чиқмоқда. Объект 2018 йилнинг 31 декабрь кунига қадар ишга туширилиши мўлжалланган.
Изоҳ (0)