Францияда парламент бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун қабул қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Бу тақиқ Интернетга уланиш имконига эга бўлган барча қурилмалар, шу жумладан, ақлли соатларга ҳам тааллуқлидир. Қонун 2018 йилнинг сентябридан эътиборан кучга киради.
Қонун лойиҳасининг қабул қилинишига «Демократик ҳаракат», «Демократ ва мустақиллар иттифоқи», шунингдек, ҳукуматни бошқараётган «Олға, республика» партиялари овоз берди. Республикачилар, коммунистлар ва «Бўйсунмас Франция» партиялари вакиллари эса аксинча лойиҳани танқид қилган. Мактабларда смартфонларни тақиқлаш амалдаги президент Эммануэль Макроннинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди.
Қонунга кўра:
- 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг смартфонлар ва шу каби қурилмалардан дарсларда ҳам, танаффусларда ҳам фойдаланиши тақиқланади;
- ўқитувчилар ҳам худди ўқувчилар каби қурилмалардан фойдаланиши мумкин эмас;
- дарсдан ташқари машғулотлар, алоҳида ҳолатлар ва уйда таълим олувчи болалар учун истиснолар бўлиши мумкин (буни мактаб маъмурияти ҳал қилади);
- ногиронлиги бўлган ёки имконияти чекланган болаларга смартфонлардан фойдаланиш тақиқланмайди.
Маълумот учун
- Буюк Британияда мактаблар маъмурияти смартфонларни тақиқлаш ҳуқуқига эга. Ҳозирча бу ваколатдан мамлакатдаги мактабларнинг учдан бир қисми фойдаланган;
- Швецияда аксарият мактаблар ўқувчиларига смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаган.
Изоҳ (0)