«Zarnews.uz» да Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги турар жойларнинг ҳолатига бағишланган мақола эълон қилинди. Қуйида мақолани тўлиқлигича ҳавола қиламиз.
Исломобод маҳалласида асосан 4 қаватли уйлар жойлашган. Ушбу уйда ичимлик сув ва канализация каби муаммолардан ташқари аҳолини бошқа масалалар ҳам қийнаб келмоқда.
— Бу уйда ичимлик сув вақти-вақти билан берилади, канализация деярли ишламайди, — дейди Н.Хўжаёрова. — Бундан ташқари, ертўлалар қаровсизлиги туфайли ҳар хил ҳашаротлар хонадонимизга чиқади. Бугуннинг ўзида бешта чаён ўлдирдим. Гоҳида илон ҳам чиқади. Шу сабабли доим хавотирда яшаймиз. Бирон-бир ташкилот бу борада ҳеч қандай чора кўрмайди. Айтинг, тегишли ташкилотлар бизни бу хавотирдан қутқаришсин.
Уй олдида оқова тўпланадиган «ҳовуз» мавжуд. Ачинарлиси, бу оқова тўғри Нарпай каналига оқизилади. Ифлосланган сувдан қанчадан-қанча аҳоли фойдаланишини мутасаддилар унутган шекилли. Акс ҳолда, бу муаммо неча йиллардан буён ҳал этилган бўларди.
— Канализация тармоғи эскиргани туфайли ҳожатхоналар ҳидланиб кетади, — дейди Ж.Хайруллаев. — Сув доимий берилмагани учун бу муаммо анча йиллардан буён бизни қийнаб келади. Ҳатто уйда меҳмон кутишга ҳам уяламиз.
Уйбоши Н.Ёдгорова билан ертўлани кўздан кечирдик. Ҳақиқатан ҳам канализация тармоқлари эскириб кетган. Турли чиқиндиларга тўла. Ертўлада жойлашган электр шчитда симлар инсон ҳаётига хавфли даражада очиқ. Ёнғин содир бўлса, электр симларининг қисқа туташувини сабаб қилиб кўрсатиш осон. Лекин бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга тумандаги ёнғин хавфсизлигига масъул шахслар эътиборсизлиги ушбу манзарадан ҳам яққол кўриниб турибди.
Маҳалладаги 2, 4, 5, 7, 8-уйлардаги аҳволни ўрганганимизда ҳам аҳоли асосан, ичимлик сув ва канализациядаги муаммолардан қийналаётганини айтди. Уйлардаги йўлакларнинг аксарияти таъмирталаб. Таъмирланганини ҳам фуқаролар бирор маърака ёки тўй сабабли ўз ҳисобидан амалга оширган. Яқинда кўп қаватли уйлар олдига янги чиқиндихона қурилган бўлса-да, аксарият уйлар олдида уюлган ёки сочилган чиқиндилар учрайди. Уйлар олдидаги ноқонуний қурилишларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Газ таъминоти яхши бўлмагани сабабли фуқаролар хонадон ичига печка қуриб олган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан маҳалладаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи «Наргиз» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан изоҳ сўрагани борганимизда якшанба куни бўлгани учун бирор масъулни топишнинг имкони бўлмади.
Тумандаги Гулистон маҳалласида икки қаватли уйлар жойлашган. Бу ерда ҳам етарлича муаммолар бор. Жумладан, уйлар умуман ичимлик суви билан таъминланмаган. Ҳафтасига бир ёки икки марта махсус машиналарда ичимлик суви олиб келинади ва бир челаги 250 сўмдан сотилади.
— Фақат истеъмол қиладиган сувимизни сотиб оламиз, — дейди 7-уйда яшовчи Равшан Омонқулов. — Ювиниш ва бошқа эҳтиёжлар учун ариқдаги сувдан фойдаланамиз.
Канализациядаги муаммолар туфайли маҳаллада мавжуд 13 та икки қаватли уйда яшовчилар ташқарида ҳожатхона қуриб олган. Ҳаммаси антисанитария ҳолатида.
Уйлар атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Ноқонуний қурилишлар талайгина. Ҳар бир уй олдида тандирхона мавжуд. Ҳаттоки бир уйнинг ёнига молхона ҳам қурилиб, у ерда уч-тўрт бош қорамол боқилмоқда.
13-уй ва унда яшаётган фуқароларнинг аҳволини кўриб, тўғриси, «маймунларнинг йиғлашини» қўйиб турайлик, инсонман, деган кишининг юраги ўртанади.
Икки хонали хонадонлардан иборат уй таъмирталаб ва абгор ҳолатда. Бу ерда яшаётган фуқароларнинг яшаш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир. Суюлтирилган газ билан таъминланмагани туфайли аҳоли кундалик эҳтиёж учун турли электр жиҳозларидан фойдаланишга мажбур. Хонадонлар ичи таъмирталаб.
— Икки хонали уйнинг бир хонасига жиҳозларни қўйганмиз, бир хонасида 9 киши яшаймиз, — дейди Н.Мамаризаева. — Шароит ҳам етарлимас. Бу муаммолар туфайли оғир аҳволда кун кечиряпмиз.
Хонадонларга кириб, таъмирталаб хоналар, турли буюмларнинг жой торлиги боис тартибсиз қўйилгани, айрим хоналар чиқиндиларга тўлганини кўрдик.
Тўғриси, фуқароларни қийнаётган яна бир оғир ҳолатни, гарчи хижолатли бўлса-да, қаламга олишга мажбурмиз.
— Канализация йўқлиги боис уй ёнига ҳожатхона қурганмиз, — дейди Назира Ҳасанова. — Тўғрисини айтсам, у ҳам тўлиб қолган. Янгисини қуришга эса қурбимиз етмайди.
Аҳоли шундоқ ҳам яроқсиз ҳолатга келган ҳожатхонага кирмасдан, тунда уй ёнидаги очиқ даладан «самарали» фойдаланиб келмоқда.
Бу маҳалладаги кўп қаватли уйларда аҳолини қийнаётган масалалардан яна бири хонадонлар ҳужжатларидаги муаммодир.
Аҳолининг айтишича, бу уйлар «Оқтош дон маҳсулотлари» корхонасига тегишли. Фуқаролар белгиланган тўловни амалга ошириб, хонадонларни эгаллаган. Аммо ҳанузгача тураржойлар фуқароларга ҳужжатлаштириб берилмаган. Аҳолининг туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга бу борадаги мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.
Тумандаги Халқобод маҳалласида ҳам асосан икки қаватли уйлар жойлашган. Бу ерни ноқонуний қурилишлар макони деб бемалол айтишимиз мумкин. Мазкур уйларда ҳам юқоридаги каби муаммолар мавжуд. Аммо аҳоли ҳожатхона ва канализация муаммосига уйлар орасида умумий катта ҳожатхона қуриш билан ечим топган, холос. Айрим хонадон эгалари эса уйлари олдига қуриб олган.
— Барча ўзига етарли шароит яратиб олиш билан овора, — дейди Элмира Суярқулова. — Мавжуд муаммоларни ҳал этишга мутасаддилар эътиборсиз бўлгандан кейин одамлар шунга мажбур. Ноқонуний қурилишларнинг келиб чиқиш сабаби ҳам аслида шу.
Ҳа, Нарпайда кўп қаватли уйлар ва уларда яшаётган аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ муаммолар талайгина. Наҳотки бу масалалар тумандаги секторлар раҳбарлари ва мутасаддиларни қизиқтирмайди?! Агар қизиқтирганида, биргина ўрганишимиз давомида шунча муаммога дуч келмаган бўлардик. Мутасадди раҳбарлар ўша оғир шароитда яшаётган аҳолининг ўрнига ўзини қўйиб кўрса, уларнинг орасига кириб, дардини тинглаганида муаммолар бунчалик чуқурлашиб кетмасмиди?
Ғолиб Абдусаломов
Изоҳ (0)