Хитой шимолидаги Ички Мўғилистон автоном туманида кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқини 12 кишини ҳаётдан олиб кетди. Бундан ташқари, яна уч киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда «Синьхуа» агентлиги хабар берди, деб ёзади «РИА Новости».
Маҳаллий метеорология бошқармаси хавфнинг энг юқори «қизил» даражасини эълон қилди. Шунингдек, аҳоли ҳудудда ёмғирлар яна бир неча кун давом этиши мумкинлиги ва бу сув тошқинлари ва кўчкиларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Ҳукумат 9,3 минг маҳаллий аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишга мажбур бўлди. Охирги маълумотларга қараганда, табиий офат оқибатида йўллар ювиб кетилган, 300 дан ортиқ уй вайрон бўлган.
Иқтисодий зарар 637 миллион юанга (94 миллион доллар) баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)