Жорий йил 19 май куни Сурхондарё вилоятида кучли ёмғир ёғди, айниқса, Бойсунда. Оқибатда туманнинг Мустақиллик маҳалласида бунёд этилган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар турли даражада талафот кўрди, деб ёзади ЎзА.
«Бойсун тоғли жой бўлгани боис баҳорда ҳам, ёзда ҳам кутилмаганда осмонда булут пайдо бўлиб, шаррос ёмғир ё дўл ёғиши ҳеч гап эмас, — дейди мазкур маҳаллада яшовчи Файзулла Нормаматов. — Осмонга булут чиқса, болаларимиз билан юрагимизни ҳовучлаб ўтирадиган бўлиб қолганмиз. Ишқилиб, уйимиз ёнидан ўтадиган сел ўзанидан тошиб кетмасин, дея хавотирда турамиз. Бу йил уйимизни биринчи марта сел босаётгани йўқ. Девор ва шифтлардаги ёриқлар ўша селларнинг таъсири. Бироқ, бу йилги ёғингарчилик бизни жуда шошириб қўйди. Ўзанидан тошган сел пишқириб, уй ичигача кириб келди. Бино чўкиб, хоналардаги ёриқлар кенгайди. Қўшимча иморатларга ҳам катта зарар етди. Экинлар лойқа остида қолди. Энди сел суви йўлини ўзгартиришни сўраб, туман ва вилоят ҳокимлигига, бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилаяпмиз».
Бундан саккиз йил муқаддам барпо этилган замонавий лойиҳа асосидаги 50 та намунавий уй Мустақиллик маҳалласи ҳудудидан ўтган Р-105 йўлининг ўнг томонидан ўтувчи катта сел йўли атрофида қад ростлаган.
Замонавий массивда истиқомат қилаётган Х.Саидов, К.Шодиев, Б.Тўраев, Б.Умаров каби 10 га яқин фуқаронинг уйи бу йилги табиий офатдан турли даражада зарар кўрган. Улар келгусида сел тошқинининг олдини олиш ҳамда табиий офатга барҳам беришда ёрдам сўраб, туман, вилоят ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идораларга мурожаат қилган.
«Шуниси қизиқки, мурожаатимизга барча ташкилотлардан деярли бир хил жавоб келади, — дейди уйлари турли даражада зарар кўрган фуқаролар. — Жавоб хатларининг аксарияти туман ҳокимлигиникига жуда ўхшаш, мужмал жавоблар билан чекланилган. Селдан сўнг йўл тагидаги бир нечта бетон қувурлар олинди. Йўл бўйига экскаватор икки-уч ҳовуч тупроқ ташлади, холос. Шу билан бу ердаги ишлар тўхтаб қолди. Биз эски вино заводи олдидаги боғдан сел йўлини буриб, Шўрсойга оқизиб юборишни илтимос қилаяпмиз. Лекин, бирор-бир раҳбар жўяли гап айтмаяпти».
«Ёғингарчилик пайти бутун Бойсун тумани марказида тўпланган сув шу ердан оқиб ўтади, — дейди «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Э.Ядиков. — Жорий йил 19 май куни кучли ёмғир ва дўл туфайли сел ўзанидан тошиб, маҳалладаги 32 ҳовлига кирди. Айниқса, сел йўлида жойлашган намунавий лойиҳалар асосидаги уйларга кўпроқ зарар етди. Деворлар ёрилган, айвонлари чўккан».
Бойсун тумани ҳокими ўринбосари Ш.Нормўминов бу йилги сел оқибати ва келгусида унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида шундай деди: «Сел тошқини айрим уйларга зарар етказди. Жиддий талафот кўрган хонадонларни аниқлаб, зарарни тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда. Шунга асосан ўн беш оилага 636 миллион 413 минг сўм пул тўланади. Ҳозир бу таклиф тегишли тартибда ҳукуматга берилган. Маҳалла ҳудудидан ўтган Р-105 йўлидаги кўприкда сел тошқинларининг олдини олиш бўйича ҳимоя тўсиқлари ўрнатиш учун қурувчилар ишламоқда. Одамлар ёзаверади-да...».
Одамларнинг айтишича, сел тошқинидан кейин бу ерларга қурувчи зоти келмаган.
Изоҳ (0)