Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 276 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 49 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 2018–2019 йилларда туманда 1600 дан ортиқ кафолатли иш ўринлари яратилади. Барча лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилса, йилига 750 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Эрматов маълум қилди.
«Турон эко цемент» корхонасида йилига 600 минг тонна цемент ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳага 130 миллиард сўм маблағ сарфланади. Бу маблағларнинг 74 миллиард сўми «Алоқабанк» кредити ҳисобига молиялаштирилган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 250 та янги иш ўрни яратилади.
Ўзбекистон тумани аҳолисининг бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарорига кўра, тумандаги муҳандислик-коммуникациялари мавжуд бўлган, фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотлар, шунингдек, ер участкалари хатловдан ўтказилиб, кейинчалик янги иш ўринларини ташкил этиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига ва салоҳиятли инвесторларга белгиланган тартибда берилади.
Шунингдек, қарорда Ўзбекистон туманида тажриба тарзида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида давлат–хусусий шерикликни жорий этиш тўғрисида Уй–жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)