20 август куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги канал, чат ва видеоқўнғироқларга эга миллий илова Aitu ишга туширилгач ҳам хорижий мессенжерлардан фойдаланишга тақиқ жорий этилмаслигини маълум қилди.
“WhatsApp, Telegram ва бошқа хорижий мессенжерлардан фойдаланишга тақиқ қўйилиши ҳақидаги тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотда.
Вазирликнинг тушунтиришича, Aitu фақат давлат органлари ва давлат иштирокидаги муассасаларнинг хизмат алоқалари учун жорий этилади. Ходимларга фақат хизмат учун мўлжалланган маълумотларни хавфсиз алмашиш имконияти зарур.

“Aitu давлатнинг рақамли платформалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун асосий воситага айланади. Унинг афзаллиги шундаки, барча серверлар Қозоғистон ҳудудида жойлашган. Бу эса маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига жавоб беради ва тизимни давлат органлари учун янада ишончли қилади”, дея қўшимча қилди вазирлик.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “маҳаллий мессенжер” ишга туширилишини 11 август куни сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда эълон қилган эди.
“Ҳукумат шахсий маълумотларни ўз ичига олган барча коммуникацияларни ҳимояланган миллий мессенжерга ўтказиш масаласини ишлаб чиқиши керак”, деган эди давлат раҳбари.
18 август куни Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов барча давлат органлари ходимларини Aitu’га ўтказишни топширди. Қайд этилишича, мессенжернинг синов тариқасидаги ишлатиш босқичи Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигида ўтказилган.
Изоҳ (0)