Тошкент вилоятида йирик тут дарахтлари кўплиги боис ўтган йиллари баҳорги пилла мавсумида Самарқанд ва Бухоро вилояти пиллакорлари ипак қурти озуқаси — тут баргларини пойтахт вилоятидан олиб кетар эди. Аммо 2017 йилнинг куз ойидан бошлаб тутни кесиш авжига чиқди. 30—40 йиллик дарахтларни ҳам бетартиб кесиб, табиатга ва пиллакорларнинг манфаатларига зарар етказилди, деб ёзади ЎзА.
Ваҳоланки, Чиноз, Бекобод, Қуйичирчиқ, Янгийўл туманларида дала ва йўл четидаги кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесилгани натижасида вилоятда озуқа базаси камайиб кетган. Мавсумда тут барглари тақчиллиги сезилди. Шундай бўлса-да, туман аҳолиси биринчи мавсумда пилла шартномасини ортиғи билан бажарган.
«Нотаниш одамлар йўл четидаги тут дарахтларини кесиб кетди, — дейди Қуйичирчиқ туманидаги ‘Бирлик’ маҳалласида яшовчи Муҳаббат Хўжакелдиева. — Шу боис маҳалламизда пилла учун озуқа базаси камайди. Икки километр наридаги тутзордан янги новдаларни кесиб келяпмиз. Албатта, бу бизга қийинроқ. Бироқ, пилладан яхши даромад кўраётганимиз учун иккинчи мавсумда ҳам иштирок этяпмиз».
Туман «Агропилла»нинг маълум қилишича, 10 гектар майдондаги тут плантациялари янгиланган. 190 минг туп тут дарахти экилган. Хитойдан олиб келинган бу кўчатлар совуққа, турли касалликларга чидамли бўлиш билан бирга серҳосил ҳамдир. Баҳорда вилоятнинг бир қатор туманларида 50 минг донадан зиёд ана шундай тут кўчатлари экилган.
Дарахтларни йўқ қилганларга қандай жазо бор?
«Дарахтларга ноқонуний шикаст етказганлик ва уларни кесганлик учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари кўзда тутилган, – дейди Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ходими Нурғали Амонов. – Хусусан, битта дарахт кесилса, етказилган зарарга қараб, айбдорга моддий жавобгарликдан, озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо тайинланиши мумкин. Жойига чиқиб ўрганганимизда биргина ‘Янги ҳаёт’ маҳалласидан 97 дона дарахт кесиб кетилгани аниқланган эди. Суриштиришлар ва тезкор тадбирлар самарасида Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи шахс ушланди. Унга қонуний жазо қўлланилди ва давлат фойдасига 103 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилмоқда».
Изоҳ (0)