Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Ўзбекистон ва UNICEF ҳамкорлигига бағишланган йиғилишда мактабгача таълим соҳасида мавжуд муаммолар ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Nuz.uz» хабар бермоқда.
Вазирнинг сўзларига қараганда, 1991 йилдан буён мамлакатдаги мактабгача таълим муассасалари сони 2 баробар камайган. Аҳоли сони эса мустақиллик йилларида 12 миллионга кўпайган. Натижада болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш мууаммоси юзага келган.
Статистик маълумотларга қараганда, 2017 йил сентябри охирига келиб, яъни Мактабгача таълим вазирлиги тузилган вақтда республикадаги болаларнинг 27,3 фоизи MTMга жалб қилинган эди. 2017 йил декабрда бу кўрсаткич 29,9 фоиз, 2017 йил июнда 33,1 фоизни ташкил қилган.
Вазир соҳада мавжуд долзарб муаммолар қаторида таълим сифати масаласини кўтарди. Айтилишича, таълим сифати бевосита педагогларнинг малакаси билан боғлиқдир. Мактабгача таълим соҳасида педагогик кадрларнинг 69 фоизи ўрта-махсус, 31 фоизигина олий маълумотга эга.
Агриппина Шин айни пайтда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришнинг 2021 йилгача мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Стратегияда мактабгача таълим соҳасининг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, 6-7 ёшдаги болаларни мактабга 1 йиллик тайёрлаш дарсларига жалб қилиш масалалари акс этган.
Изоҳ (0)