Куба янги конституциясида «хусусий мулк» ва «президент» тушунчалари пайдо бўлади, ҳукуматни бошқариш муддати эса ўн йил билан чекланади. Бу ҳақда янги қонун лойиҳаси чоп этилган Granma газетаси хабар берди.
Асосий қонунда давлатнинг социалистик характери ва Коммунистик партиянинг бошқарув роли ҳақидаги низом сақланиб қолади, бироқ хусусий мулк ва эркин бозор тан олинади.
Кубада давлат раҳбари ва ҳукумат раҳбари лавозимларини ажратиш юз беради: президентлик лавозимидан ташқари бош вазир лавозими ҳам пайдо бўлади. Ҳозирда олий давлат лавозимида бўлиш ҳеч қандай чекланмаган. Янги конституцияга илк бор гендер белги бўйича дискриминацияни тақиқлаш ҳақидаги банд киритилади.
21 июлдан 23 июлга қадар Куба Халқ ҳукумати миллий ассамблеяси конституция лойиҳаси бўйича овоз бериш учун тўпланади. Парламент томонидан маъқуллангандан сўнг конституцияга ўзгартиришлар референдумга қўйилади.