АҚШ Федерал қидирув бюроси ходими Жорж Пиро Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнни сўроқ қилган. Пиронинг ўзи бу ҳақда бюро раҳбарияти қарор қабул қилганидан кейингина билган. Бу ҳақда Пиро Вашингтонда хорижлик журналистлар учун ташкил қилинган брифингда «ТАСС» мухбирининг саволига жавоб берганида маълум қилди.
Айни пайтда Пиро Федерал қидирув бюроси директорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда. У махсус хизматларнинг халқаро операциялар бошқармасига раҳбарлик қилади. Бошқарманинг асосий вазифаларидан бири терроризмга қарши курашишдан иборат. 2004 йилнинг январидан бошлаб Пиро Бағдодда ҳукумат ағдарилганидан кейин бир неча ойлар давомида Саддам Ҳусайнни сўроқ қилган. Пиро асли ливанлик, Бейрут шаҳрида туғилган. АҚШ қўшинлари 2003 йили Ироққа кириб келган.
«Тўғрисини айтсам, ўшанда менга бу ишни топширишади, деб ҳеч ўйламагандим. Менга қўнғироқ қилишган ва «Ҳозиргина сиз Саддам Ҳусайнни сўроқ қилиш учун танландингиз», — дейишган. Қанчалик ҳайратга тушганимни тасаввур қилаверинг», — дейди Жорж Пиро.
Унинг сўзларига қараганда, Федерал қидирув бюросининг бу қарорига бир қанча омиллар таъсир қилган. «Саддам Ҳусайн фақатгина араб тилини билган, шунинг учун сўроқ қилиш учун бу тилни биладиган киши керак эди, — дейди Пиро. — Ўша пайтларда мен бюронинг араб тилини биладиган 12 та ходимидан бири эдим, англаб турганингиздек, бу омил менинг танланишимда рол ўйнаган. Бошқа сабаблар ҳам бор, албатта. Мен уруш пайтида Ироққа юборилган биринчи гуруҳ таркибида бўлганман. Шундай экан, мавжуд тузум, ҳукумат тепасидаги партия ва ҳоказолар ҳақида тасаввурим бўлган. Балки бошқа омиллар ҳам рол ўйнагандир. Хуллас, менга қўнғироқ қилишди ва мен жўнадим.
Саддам Ҳусайн 2006 йилнинг декабрида қатл қилинган.
Изоҳ (0)