«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятида инвестициявий лойиҳалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» матбуот хизматига таяниб, «Халқ сўзи» хабар берди.
Бугунги кунда гидроэлектр станцияларда йилига 7 миллиард кВт/соат атрофида электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу республикада ишлаб чиқарилаётган энергиянинг бор-йўғи 13 фоизини ташкил этади. Йиғилишда ушбу кўрсаткичнинг жуда пастлиги, яқин 3 йилда 12 та йирик, ўрта ва кичик ГЭС қуриш эвазига уни 16 фоизга етказиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибидаги 36 та ГЭСнинг 18 таси тез орада модернизация қилиниши зарурлиги таъкидланди. Айтилишича, ГЭС ускуналари аллақачон эскириб бўлган.
Жорий йилда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан умумий қиймати 354,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 11 та йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳаларни молиялаштириш учун 205,6 миллион АҚШ доллари миқдорида чет эл кредитлари жалб этилади. Харажатларнинг қолган қисми жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ (0)