Россияга ташриф буюрган АҚШ конгресси аъзоси, сенатор Жон Нили Кеннеди Москвага нисбатан шафқатсиз чоралар кўрилиши мумкинлигини маълум қилган. Бу ҳақда сенатор «Корреспондент» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтган, деб ёзмоқда «Газета.ru».
«АҚШ вакилларининг Москвага ташрифига жавобан Россия делегацияси Вашингтонга таклиф қилинадими?», — деган саволга сенатор бунинг учун АҚШ Россиянинг ўзини тутиши ўзгарганини кўриши кераклигини маълум қилган.
«Россия ҳукумат вакилларининг айтишича, санкциялар мамлакатга ҳеч қандай зарар келтирмаган, бироқ аслида ундай эмас. Умид қиламанки, Россияга нисбатан бир йўла шафқатсиз чораларни татбиқ қилишимизга тўғри келмайди», — дейди сенатор.
«Шафқатсиз чоралар» деганда нимани назарда тутгани сўралганида сенатор аниқ жавобдан қочган ва ҳаммаси Россияга боғлиқлигини айтган. Сенатор АҚШ ва Россия муносабатларининг яхшиланишига умид қилишини қўшимча қилган.
«Шахсан мен буни жуда ҳам истаган бўлардим. Бироқ муносабатларнинг яхшиланиши учун Россия ҳукумати ўзини тутишини ўзгартириши керак. Ҳаммаси жуда оддий», — дея сенатор сўзини якунлаган.
Аввалроқ Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Россия парламенти вакиллари куз ойларида Вашингтонга ташриф буюриши мумкинлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)