Аҳолининг шифокор қабулида навбат кутиб қолиши, касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш билан боғлиқ ортиқча вақт йўқотишларнинг олдини олишга қаратилган «Klinik.uz» дастури яратилди, деб ёзади ЎзА.
Қашқадарё вилоятидаги Қовчин қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Достон Холбоев томонидан яратилган мазкур дастур ёрдамида фуқаролар паспорт маълумотларини киритиш орқали рўйхатдан ўтиши ва касаллик тарихини дастурга жойлаштириши мумкин. Шифокор беморнинг паспорт маълумотларини дастурга киритиш орқали унинг касаллик тарихи билан танишиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ҳам шифокор, ҳам фуқаронинг ортиқча вақт йўқотишининг олдини олади. Шунингдек, дастур ёрдамида фойдаланувчилар шифокор қабулига ёзилиши, тиббиёт муассасалари билан боғлиқ ҳар қандай амалиётни онлайн тарзда амалга ошириши мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу дастурнинг мобил иловаси ҳам мавжуд бўлиб, бу фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратади.
Фарғона саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муҳаммадқодир Абдувоитовнинг туризмни ривожлантириш борасидаги инновацион ишланмаси ҳам алоҳида эътирофга муносиб. У VR TOUR UZBEKISTAN иловасини яратди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси «Ёшлар қаноти» ташаббуси билан ташкил этилган «Ёш инновациячи» кўрик-танловининг мамлакат босқичи доирасида ёшларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув семинари ҳам ўтказилди. Танлов доирасида ёш иқтидор соҳибларининг таниқли олимлар билан учрашувини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Изоҳ (0)