Сўнгги 5 йил ичида илк марта биринчи ярим йиллик кўрсаткичлари бўйича Россия рубли собиқ СССРнинг 11 та валютаси ичида энг паст ўсиш даражасини кўрсатди. Бу ҳақда Bloomberg’га таяниб, Spot хабар бермоқда.
АҚШ санкциялари ва пул-кредит сиёсатининг кескинлашиши оқибатида рубль жорий йилда 8 фоиздан зиёдга арзонлашди. Бу бошқа валюталар қийматининг пасайишидан икки баробар кўпдир.
«АҚШнинг апрель ойида жорий қилинган санкциялари бўлмаганида рубль ҳозиргидан 4 фоизга кучли бўлиши мумкин эди», — дея Россия Марказий банки маълумотларига таяниб, нашр хабар қилади.
Собиқ СССРнинг бирданига 4 мамлакати валюта қийматининг ўсиши бўйича дунё миқёсида етакчи ўнталикдан жой олди. Бу Россиядан кўра минтақанинг бошқа мамлакатларига кўпроқ сармоя киритилаётганидан дарак беради.
«Сармоядорлар учрашувларда ўз вақтининг ярминигина Россия учун ажратмоқда, қолган вақт МДҲнинг бошқа давлатларига эътибор қаратилмоқда», — дейди Москвадаги «Ренессанс Капитал» сармоядорлик компанияси иқтисодчиси Олег Кузмин.
«Қозоғистон, Ўзбекистон ёки Озарбайжон сармоядорларнинг Россия активларини камайтиришга интилишидан фойда кўриб қолиши мумкин», — дея Стокгольмдаги SEB банкининг ривожланаётган бозорлар бўлими бош стратеги Пер Хаммарлунд фикр билдирган.
Шунга қарамасдан, МДҲ мамлакатлари бозори Россиядан ортда қолишда давом этмоқда. Ваҳоланки, бу мамлакатларга капитал киритиш хавфсизроқ, фойда олиш имкониятлари ҳам кўпроқдир.
Аввалроқ, Ўзбекистонга киритилаётган пул маблағларининг асосий қисми меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётгани, бу жўнатмаларнинг 77 фоизи Россиядан юборилгани хабар қилинган.
2018 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга муҳожирлар 1 миллиард доллар юборган. Таққослаш учун мамлакатнинг газ сотишдан олган фойдаси бундан 2 баробар кам бўлганини айтиш мумкин. Экспорт ҳажми эса 2,9 миллиардни ташкил қилган.
Муҳожирларнинг пул жўнатмалари Ўзбекистондаги молиявий операцияларнинг профицит (маблағларнинг ортиши) ҳисобини таъминлаб берди. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилган.
Изоҳ (0)