Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев 28—29 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон—2035» халқаро форумида вазирликнинг қисқа муддатли стратегияси тўғрисида сўзлаб берди, деб ёзмоқда «Газета.uz».
Вазир яқинлашиб келаётган пахта кампанияси даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат миграцияси жараёнини тартибга солиш, меҳнат муҳофазасини кучайтиришни асосий вазифалар сифатида санаб ўтди.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, форумда дунёдаги йирик аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланган KPMG ва вазирлик ўртасида келишувга эришилди. Унга кўра, вазирлик ва KPMG Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Бундан ташқари, «Буюк келажак» экспертлик кенгашининг бир ёки бир неча вакилларини вазирнинг штатсиз маслаҳатчиси лавозимига жалб қилиш масалани кўриб чиқилмоқда.
«Биз хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Уларнинг кўпчилигида Ўзбекистон меҳнат ва бандлик соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш доирасида биз фойдаланишни хоҳлаган ноёб тажрибалари бор», — деди вазир Шерзод Кудбиев.
Изоҳ (0)