Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланган «Мустақиллик асосчиси» сайтига Ўзбекистон Республикаси хавфсизлик хизматида узоқ йиллар хизмат қилган, мамлакатнинг уч раҳбари — Шароф Рашидов, И.Усмонхўжаев ва И.Каримовга тансоқчилик қилган — захирадаги полковник Муҳаммадқулов Саъдулло Муродиллоевичнинг Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари жойланди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

Фото: «Mustaqillik-asoschisi.uz»

Фото: «Mustaqillik-asoschisi.uz»

Мен хос соқчилар гуруҳининг бошлиғи сифатида ходимларнинг ҳар бири билан алоҳида ишлар эдим. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Ислом Абдуғаниевич республиканинг аввалги раҳбарларидан фарқли ўлароқ, хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан «ноқулай раҳбар» эди. 1990 йил март ойида Президент этиб сайланганидан кейин ҳам камтарлик қилиб хизмат машинасига Давлат хавфсизлик қўмитаси ва ДАН ходимларининг ҳамроҳлик қилишига йўл қўймаган. Аслида, бу махсус йўриқномага мувофиқ эмас эди. Шу боис ишни йўриқнома асосида ташкил қилишимиз талаб этилар эди.

Республиканинг аввалги раҳбари билан ишлаб, маълум тажрибага эга бўлган фақат биргина хос соқчи бўлиб, қолганлар бари янги ходимлар эди.

Уларга эса хос соқчининг вазифаларини индивидул тарзда ўргатишга тўғри келган. Президент ва оила аъзоларига бириктирилган янги хос соқчилар тез муддатда малака ва кўникмага эга бўлиб, шижоат билан ишга киришиб кетди.

Президент билан илк бор Нукус воқеалари пайти яқиндан танишдим. Нукус воқеалари мухолифат ва айирмачи гуруҳлар томонидан уюштирилган эди. Президент у ерда аввал мухолифат фаоллари ва раҳбарлари билан учрашиб, уларнинг талабларини эшитди. Кейин обкомнинг катта залида жаҳл отига минган ва муаммолар кўплигидан нима қилишни билмай, мухолифат фикрини ёқлаб чиққан халқ билан мулоқот қилди. Ислом Абдуғаниевичнинг ажойиб одати бор эди. У киши катта аудитория билан учрашганда нотиқларни тинглаб, қоғозга тезис шаклида хулосаларини ёзиб борар, мажлис якунида шу асосда нутқ ирод қилар эди. Нукусда ҳам аввал нотиқларнинг фикрларини тинглаб, сўнг барча кўтарилган масалалар бўйича биттама-битта жавоб берди. Ўшанда Ислом Каримов вазминлик ва донолик билан катта ғалаён ва хунрезликнинг олдини олишга муваффақ бўлган эди.

Ислом Абдуғаниевич кечқурун меҳмонхонага қайтганларида мен билан суҳбатлашдилар. У кишига ўзим ҳақимда сўзлаб бердим. Президент менинг Ш.Рашидов ва И.Усмонхўжаев билан ишлаганимни эшитиб, «Шароф Рашидов ҳақида нима дейсиз?» — деб савол бердилар. «Дилимдагини айтайми ёки тилимдагини?» — деб сўрадим. Қошларини чимириб бир оз ўйланиб турдилар-да, «Дилингиздагини айтинг», — дедилар. Мен Шароф Рашидов ҳақида камдан-кам одам биладиган баъзи маълумотларни сўзлаб, охирида «У киши ўзи хизмат қилган тизимнинг қурбони бўлди», — дедим. «Жуда тўғри айтдингиз», — деди Президент.

Ўша кезлар Ислом Каримов мавжуд мураккаб вазиятни собиқ Иттифоқнинг бошқа республикалари раҳбарларидан аввалроқ тушуниб етгани ва муаммоларни ҳал этгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол эди. Ҳатто ўшанда Михаил Горбачёв заҳарханда билан «Энди ўн олтита Президент бўлар экан-да!» — деганида, Ислом Каримов «Ҳа, керак бўлса, ундан ҳам кўп бўлади», — деб жавоб берган эди.

1991 йилнинг июнида мени таътилдан шошилинч чақиртириб олишди. Менга Президентнинг Хавфсизлик Хизмати бошлиғи вазифасини бажариш топширилди. Ўша йил августда Президентнинг Ҳиндистонга расмий ташрифи кўзда тутилган эди. Менга ташриф давомида хавфсизлик масалаларини ҳал этиш топширилди. Бу ўта муҳим ва шарафли, айни чоғда, масъулиятли вазифа эди.

Президентнинг илк хорижий ташрифини ташкил этиш учун масъул шахслардан тузилган ишчи гуруҳ Ҳиндистонга бордик ва тўрт кун давомида жуда кўп масалаларни ҳал этдик. Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон Бош вазири билан учрашиши кўзда тутилган эди. Аммо мезбон давлат Ташқи ишлар вазирлиги дастлаб рад жавобини берди. Улар Ҳиндистондай катта давлатнинг Бош вазири СССРнинг алоҳида республикалари Президентларини қабул қилмайди, деган мазмунда важ кўрсатишди. Лекин ишчи гуруҳ қатъият билан қўйилган мақсадларни амалга оширишга интилди.

Ҳиндистонга сафар Президентимизга кучли таъсир кўрсатди. Айниқса, дунё мўъжизалардан бири – салобатли Тожмаҳал мажмуаси у кишини лол қолдирди. Ҳинд заминида Бобурийлар қурдирган қаср, масжиду мақбараларни зиёрат қилгач, «Бобур Мирзо ўз юртидан қувғин этилмаганида эди, мана шу каби улуғвор меъморий обидалар Ўзбекистонда қурилмасмиди», — деди Президент афсус билан.

Ҳиндистон ташрифи якунига етай деганда «Москвада ГКЧП ҳокимиятни олибди» деган хабар келди. Президент менга зудлик билан учиб кетишлари зарурлигини айтдилар. Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси белгиланган вақтдан бир ярим соат олдин Тошкентга парвоз қилди…

Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтиб тарихий воқеа юз берди. Ислом Абдуғаниевич 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мамлакат Мустақиллигини эълон қилдилар. Ота-боболаримиз бунёд этган меъморий обидалар зиёратидан кейин мустақилликдан мужда берувчи воқеаларнинг бошланганида недир илоҳий ишорат кўргандек бўламан.

Ислом Абдуғаниевич кенг миқёсдаги дунёқараш, кучли интеллектуал салоҳият, стратегик тафаккур ва улкан ҳаётий тажриба соҳиби, қўрқмас ҳамда одил раҳбар эди. Шу боис ҳам у мамлакатни ўта оғир ва чигал вазиятдан олиб чиқа олди.

МДҲ ҳудудида биринчи бўлиб Президент ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги тизимни яратишда иштирок этганим, икки йил давомида Ислом Абдуғаниевич билан бирга ишлаган кезларимни асло унутмайман.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Ўзбекистонда сўнгги суткада 153 кишида коронавирус аниқланди
Маҳаллий
Ўзбекистонда 6 декабрь ёғингарчиликсиз ўтиши кутилмоқда
Маҳаллий
«ИИВ вакиллари муаммони прокуратурага юклаб, жамоатчиликни чалғитибди» — ўз погонини юлиб, аёлни қасддан айбдор қилмоқчи бўлган ИИБ ходими воқеаси юзасидан ҳуқуқшу...