Марказий банк рақамли банклар, NFC, блокчейн ва валюта айирбошлаш шохобчаларига ўтилиши ҳақида хабар берди, деб ёзмоқда Spot.
Маълум қилинишича, рақамли банкларга ўтиш учун жисмоний шахслар бўлган мижозларни масофадан идентификация қилиш имконияти бўлиши керак. Бу тизимга ўтилиши учун Марказий банк иккита йўналишда иш олиб бормоқда:
Биринчиси — банклар ўртасида Марказий банкнинг шлюзи орқали «Электрон ҳукумат» («Жисмоний шахсларнинг марказий базаси») тизими ёрдамида электрон алоқаларни йўлга қўйиш.
Иккинчи йўналиш — банкларнинг мобил дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш. Мобил дастурига эга банклар сони кун сайин ортиб бормоқда. 13 та банк онлайн ҳиссадорлик хизматини таклиф қилмоқда. 2018 йил январь ойида 1 тагина банк бу хизматни жорий қилган эди.
Шунингдек, контактсиз тўлов тизимини ривожлантириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, NFC-технологияларини жорий қилиш учун терминалларни бу технология билан ишлашга мослаштириш режалаштирилмоқда.
2018 йил ноябрига қадар валюта айирбошлаш шохобчалари ишга туширилади. Шохобчалар валютани айирбошлаш имконини берадиган автоматлаштирилган тизим тарзида ишлайди.
Изоҳ (0)