Вьетнам шимоли-ғарбида ўтган ҳафта охиридан бошлаб сўнгги йиллардаги энг кучли сув тошқини кузатилмоқда. Унинг оқибатида 22 киши ҳалок бўлган, 9 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда табиий офатлар оқибатларига қарши курашиш бўйича Вьетнам миллий қўмитасининг берган маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Энг кўп зарар кўрган ҳудудлар сифатида Лайтяу, Лаокай, Хазянг провинциялари, шунингдек, Тхайнгуен ва Енбай провинцияларининг айрим даҳалари айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, бу ҳудудларда сув тошқини оқибатида 1,5 мингта турар-жой қисман ёки бутунлай вайрон бўлган. 6 минг бош уй ҳайвони ҳалок бўлиб, 1,2 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етган. Тошқин оқибатида тўғонлар бузилиб, автомобиль йўлларини сув босган. Натижада мамлакат шимоли-ғарбида транспорт ҳаракати тўхтаб қолган. Табиий офат етказган молиявий зарар 20 миллион долларга (458 миллиард донг) тенг деб баҳоланмоқда.
Жабр кўрган ҳудудларга бош вазир ўринбосари Чин Дин Зунг бошчилигидаги ҳукумат фавқулодда комиссияси вакиллари борди. Бош вазир ўринбосари офат қурбони бўлган оилаларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш лозимлигини айтган. Унинг сўзларига қараганда, барча жабрланувчилар вақтинчалик турар-жой ва озиқ-овқат билан таъминланади. Маҳаллий ҳукумат сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш учун барча зарур чораларни амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)