Ўзбекистон март ойидаги Афғонистон бўйича халқаро конференцияда эришилган келишувларга мувофиқ, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган хатти-ҳаракатларини давом эттиради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради, деб ёзади «Газета.uz».
Ўтган давр мобайнида Афғонистон ҳукумати, АҚШ, ХХР, Россия, Халқаро мулоқот гуруҳига аъзо давлатлар, Евроосиё минтақаси, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари вакиллари билан қатор маслаҳат учрашувлари ва музокараларни ўтказди.
«Шу билан бир қаторда, Тошкент конференцияси иштирокчилари позициясини бирлаштиришни амалга ошириш мақсадида ўзбек томони ‘Толибон’ ҳаракатининг юқори даражали вакиллари билан тегишли алоқаларни ўрнатиб, ўтказилган учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ва уни иқтисодий ривожлантириш учун мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди», — дейилади баёнотда.
«Ўзбекистон Рамазон ҳайити муносабати билан Афғонистон ҳукумати ва ‘Толибон’ ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилганини олқишлайди. Ўзбек томони мазкур сулҳ Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан ўт очишни тўхтатиш режими муддатини узайтириш ҳақида эълон қилгани ортидан муддатсиз давом этишига умид билдиради», — дейилади баёнотда.
ТИВ Ўзбекистон ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиши учун барча зарур шароитларни яратишга тўлиқ тайёр эканини тасдиқлади.
Изоҳ (0)