Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Чимён» соғломлаштириш марказида «Чимён садоси—2018» 40-Халқаро экологик-туристик фестивали бўлиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.
Фестиваль доирасида «Биз—тоза Чимён учун» акцияси ҳамда «Очиқ осмон остида экомактаб» машғулотлари ташкил этилди.
Хусусан, «Биз—тоза Чимён учун» акцияси доирасида 100 дан ортиқ меҳмонларга маиший чиқиндиларни йиғиш учун махсус халтачалар тарқатилди. Акция якунида иштирокчилар йиғган чиқиндилар Бўстонлиқ туман «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасининг махсус транспорт воситаларида олиб кетилди.
Ўзбекистон экологик ҳаракатининг «Булоқча», «Родничок» болалар журналлари томонидан «Ёшлар ва болаларнинг экологик дунёқарашини шакллантиришда ОАВларнинг таъсири» лойиҳаси ташкил қилинди. Лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида амалга оширилган.
Очиқ осмон остида ўтказилган машғулотларнинг асосий мавзуси биохилма-хилликни асрашга қаратилган бўлиб, қизиқарли ўйинлар ва танловлар асосида ташкил этилди.
«Биз—тоза Чимён учун» ва «Очиқ осмон остида экомактаб» акцияларида фаол иштирокчиларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ва адабиётлар тўплами топширилди.
Изоҳ (0)