Японияда дарёда чўкиб кетган деб ҳисобланган эркак ўзининг кремациясидан бир йил ўтиб уйига қайтиб келди, деб ёзмоқда Daily Mail.
Воқеа ҳақида Токио полицияси 13 июнь, чоршанба маълумот берган. Айтилишича, полицияга май ойида бир аёл мурожаат қилиб, 1 йил илгари у эри сифатида тан олган мурда аслида бошқа киши бўлиб чиққанини маълум қилган. Унинг бир йил давомида бедарак деб ҳисобланган эри кутилмаганда уйига қайтиб келган.
Полиция хатолик учун узр сўраб, марҳумнинг ҳоки ўзининг ҳақиқий оиласига қайтарилишини айтган. Полиция хатони келтириб чиқарган сабабларни тушунтириб берган. Гап шундаки, топилган мурда 2 та бедарак йўқолган кишининг таърифига мос келган. Уларнинг иккиси ҳам тахминан 40 ёшларда бўлган. Уларнинг бўйи ҳам деярли бир хил эди. Қолаверса, хотини ва икки нафар қариндоши мурдани тан олган. Мурданинг танасидан зўравонлик белгилари аниқланмагани учун суд тиббий экспертизаси қўшимча текширувларни амалга оширмаган.
Полиция матбуот хизмати эркакнинг бир йил давомида қаерда бўлгани ва нима билан шуғуллангани тўғрисида маълумот беришдан бош тортган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу каби ҳолатларнинг қайта такрорланмаслиги учун зарур чораларни кўришини айтган.
Изоҳ (0)