Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг Жиззах шаҳрининг «Жиззахлик» маҳалла фуқаролар йиғини идорасида ўтказилган сайёр суд мажлисида муқаддам тўққиз марта фирибгарлик жинояти билан судланган А.У. ўнинчи марта ушбу иш бўйича жазоланди, деб ёзади ЎзА.
Бу сафар у Жиззах шаҳар «Зилол» маҳалласи ҳудудида бировларга тегишли бўлган ҳар бири 6 сотихдан 2 та ер участкасини бошқа бировларга сотиб юборди. Савдолашишда олди-сотди ҳужжатларини расмийлаштириб беришни зиммасига олган А.У. бу ишнинг ҳам уддасидан чиқди. Харидорларнинг қўлига ўзи компьютерда тайёрлаган сохта ҳужжатларни тутқазиб, 15 миллион сўм пулни олди.
Албатта, ер участкаси олди-сотдисидек анча мураккаб иш «Ибрат Риэлтор Сервис» МЧЖда мутахассис бўлиб ишловчи Э.К. ва муқаддам судланган А.С. ёрдам бермаганида амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди. Бироқ фирибгарлар тўдаси ҳар қанча ҳаракат қилмасин, жиноят бирибир очилди.
Суд жиноят иши бўйича етказилган жами 16 500 000 сўмлик моддий зарар тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, А.У.га уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Унинг икки шеригига ҳам қонуний жазо қўлланди.
Изоҳ (0)