5 июнь куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши биносида иттифоқ раиси Қаҳрамон Қуронбоев ОАВ ходимлари билан учрашди.
Ушбу учрашувда Ёшлар иттифоқининг бир йиллик фаолияти ҳисоботи тақдим этилди. Хусусан, иттифоқ томонидан ҳудудларда қилинган ишлар, ёшларга кўрсатилган моддий ва маънавий кўмак ҳамда келгусидаги режалар ҳақида сўз борди.
Қайд этилишича, Ёшлар иттифоқига бир йил ичида 12 миллион ёшлар аъзо бўлди.
«Ўзбекистонда 17 миллион ёшлар бор. Биз бир йил ичида улардан 12 миллионини сафимизга қўшдик. Бироқ яна 5 миллион нафар ёшларни ҳам аъзо қилиб олишимиз керак. Улар кимлар? Улар хорижга муҳожир сифатида чиқиб кетган ёшлар, ўз йўлини тополмай юрган айрим ёшлар», — дейди Қаҳрамон Қуронбоев.
Учрашувда 26—30 июнь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Марказий Осиё ёшлари форуми ўтказилиши ҳам маълум қилинди. Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар ташкилотларининг етакчилари иштирок этади. Ҳозирда ушбу форумни юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.