Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди «Ўсиб келаётган ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялашга, уларда тадбиркорлик, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятни шакллантиришга кўмаклашиш» мавзусида давлат грантлари ажратиш учун танлов эълон қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа буюртманомалари қабул қилинади.
Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
- Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
- «Fundngo.uz» веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;
- Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг Устави (Низоми) нусхаси;
- Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
- Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади.
- Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг илтимосномалари, тавсия хатлари илова қилиниши мумкин.
Ҳужжатлар 2018 йил 7 июндан 13 июлгача қабул қилинади.
Ҳужжатлар Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100163, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй.
Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг «Fundngo.uz» расмий веб-сайтида танишиш мумкин.
Изоҳ (0)