Тошкент метрополитенида 1 июндан фото ва видео тасвирга олишга расман рухсат берилди. Станциялар ва метро вагонларига жойлаштирилган Метрополитендан фойдаланиш қоидаларига бу ҳақдаги ўзгартиш киритилди, деб хабар беради «Газета.uz».
«Йўловчиларнинг ҳуқуқлари» қисмида 4.2-банд киритилиб, унда «Фото ва видео суратга олиш рухсат этилади», — деб ёзилган.
Шу билан биргаликда «Метрополитенда қуйидагилар тақиқланади» қисмидаги фото ва видео суратга олишни тақиқлашни ўз ичига олган 5.11-банд ўчирилган.
Станциялар бошлиқлари ходимларга янги қоидалар тўғрисида хабардор қилганини тасдиқлади. Ички ишлар ходимлари энди тасвирга олиш мумкинми, деган саволга жилмайиб: «Бемалол, бемалол», — дея жавоб қайтармоқда.
Февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда туристларга жамоат жойлари, бино ва иншоотларни ҳеч қандай тақиқларсиз суратга олишга рухсат берилган.