Исроил фуқаролигини олган Абрамович Буюк Британияга визасиз кириши мумкин. Бу маълумотни мамлакат бош вазири Тереза Мэйнинг вакили тасдиқлади, дея хабар бермоқда «РБК».
Буюк Британияга визасиз киритиладиган Исроил фуқаролари мамлакатда 6 ойдан кўп муддатга қолиши мумкин эмас. Абрамович визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлса-да, унинг бу ерда ишлай олмаслиги айтилди.«Исроилликлар Қўшма Қиролликда яшаш, ишлаш ёки ўқишни истаса, улар виза олиши керак», — деди бош вазир вакили.Қонунчиликнинг бузилмаслиги иммиграция идоралари томонидан назорат қилинади. Тереза Мэйнинг вакили, визасиз шахсларга айнан қандай иш-фаолият билан шуғулланиш тақиқланганини Ички ишлар вазирлиги орқали аниқлаштиришни тавсия қилган.Исроил фуқаролари Буюк Британияга иш ва хизмат сафарларига алоҳида ҳолатлардагина келиши мумкин.
Хусусан, олий таълим муассасаларига лекция ўқиш учун таклиф қилинган ва гонорар тўланадиган шахслар ёки суд жараёнларида қатнашадиган адвокатларнинг виза олиши сўралмайди, бироқ уларнинг мамлакатда қолиш муддати 1 ойдан ошмаслиги керак.
Буюк Британияга ижодий сафар билан келган мусиқачилар ва артистлар, айрим ҳолатларда спортчиларнинг мамлакатда 6 ойгача қолиши мумкин.20 май куни Абрамовичнинг Буюк Британия визасини қўлга киритишда қийинчиликларга дуч келгани хабар қилинган. Миллиардер визаси бўлмагани учун унга тегишли «Челси» жамоаси ўйнаган Англия кубогининг финалида иштирок этмаган.
Маълум бўлишича, Абрамовичга берилган визанинг муддати у Буюк Британияга кетмоқчи бўлган кундан уч ҳафта олдин тугаган. Визанинг узайтирилиши эса кечиккан.28 май куни Абрамович кўчиш билан боғлиқ барча ҳужжатларни расмийлаштириб бўлганини маълум қилган.
Исроилга хусусий самолётида келган миллиардерга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва репатриант (ватанга қайтган шахс) гувоҳномаси берилгани хабар қилинган. Абрамовичнинг хорижга чиқиш паспортини олгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Изоҳ (0)