Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили 26 май, шанба куни мамлакатнинг 2021 йили НАТОга аъзо бўлишига умид қилётганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Шу вақтгача Грузиянинг НАТОга қачон аъзо бўлиши санаси ошкор қилинмас эди.
Бош вазир халқаро ҳамжамият, жумладан, Шимолий Атлантика альянси томонидан бу масала ҳал қилинишига умид қилишини билдирган. Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда НАТОга аъзо бўлишнинг аҳамияти катта эканини таъкидланган.
«Грузия ҳукумати Европа ва Евроатлантика ҳамдўстлигига қўшилиш учун ҳар куни иш олиб бормоқда», — деди бош вазир.
Ташқи ишлар вазири Михаил Жанелидзе,ўз навбатида, мамлакат ҳукумати ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш ва НАТОга аъзо бўлиш учун ислоҳотларни давом эттиришини билдирди. Ярашиш ва фуқаролар тенгҳуқуқлиги бўйича вазир Кетеван Сихелашвили ҳам ушбу фикрни тасдиқлади. «Биз бу иш имкон қадар тезроқ амалга ошишини истаймиз. Умид қиламизки, кўп йиллар мобайнида давом этаётган ҳамда жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган ислоҳотлар жараёни ва интилишларимиз ташкилотга қўшилиш (интеграция) борасида ўз самарасини беради», — деди Сихелашвили.
Шу ҳафта ўртасида АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳукумат Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиши учун зарурий ишларни амалга ошираётганини маълум қилди.
Аввалроқ Россия Грузия ва НАТО ҳамкорлигининг кучайишидан хавотирда эканини билдирган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш кераклигини маълум қилди.
Изоҳ (0)