Қорақалпоғистон ахборот агентлиги «Газета.uz» нашрида Мўйноқда ичимлик суви масаласи ёмонлашгани ҳақидаги хабар юзасидан туман ҳокимлиги раҳбарияти, мутасадди органлар ва вакиллардан расмий муносабат билдиришни сўради. Олдинроқ бу ҳақда «Дарё» ҳам ёзган эди.
«Мўйноқда ичимлик суви таъминоти ёмонлашди, деган хабар асоссиз, — дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. — Ўтган йили муҳтарам президентимизнинг ташаббуси билан туманимизга тортилган ичимлик суви Мўйноқ тумани маркази ва Учсай ОФЙ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб турибди. Аҳолининг сувни истеъмол қилиш бўйича талаби кунлик 2200 куб метрни ташкил қилмоқда».
Унинг айтишича, бугунги кунда «Қўнғирот-Мўйноқ» Туямўйин сув қувуридан суткасига 2400 куб метр сув Мўйноқ тумани сув тармоқлари корхонасидаги 4500 куб метр сув сиғимлигига мўлжалланган резервуарга келиб тушмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиология назорат маркази тақдим этган маълумотига кўра, Мўйноқ туман маркази ва Учсай ОФЙ аҳолисининг (жами 14599 киши) ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи белгиланган норматив бўйича кунига 1800 куб метрни ташкил қилади.
«Тўғри, сув жадвал асосида, ҳозирда аҳолига насосларнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда кунига икки маҳал бериляпти, яъни соат 6:00 дан 10:00 гача ва соат 16:00 дан 21:30 гача. Яқин кунлар ичида қўшимча насослар ўрнатилиши билан доимий равишда сув билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади», — таъкидлади Данияров.
Қорақалпоғистон ахборот агентлигига маълум бўлишича, бугунги кунда «Қўнғирот» сув тарқатиш иншоотида тўртта насос (жами олтита насос, шундан иккитаси захирада) ёрдамида суткасига ўртача 2400 куб метр ичимлик суви 3 атмосфера босимида етказиб берилмоқда. «Қўнғирот» сув тарқатиш иншооти суткасига 7000 куб метргача ичимлик сув етказиб бериш ва босимни 7−8 атмосфера босимигача кўтариш имкониятига эга.
Туямўйин-Нукус минтақавий сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси маълумотига кўра, «Арал» МФЙда 7 километр сув қувурлари янгидан тортилган. Ушбу ҳудуддаги умумий ичимлик сув тармоғи узунлиги 8,5 км бўлиб, қолган 1,5 км тармоғини таъмирлаш ишлари 2019 йилнинг манзилли дастурига киритилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)