Ўзбекистон ҳақиқий сиёсий ўзгаришлар ва модернизациянинг аҳамиятини тушуниб турибди. Бу ҳақда Вашингтондаги миллий пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.uz».
Сенатор ўз нутқини Ўзбекистондаги демократлаштириш жараёнининг ортга қайтмаслиги ва унда асл демократияга хос фундаментал принциплар бор-йўқлиги масаласига бағишлади.
«Ўйлайманки, ислоҳотлар ҳақиқий ва ортга қайтмаслигини кўрсатувчи камида иккита сабаб бор. Биринчиси — Ўзбекистоннинг жойлашуви, мероси, ўтмиши туфайли унда мавжуд таҳдидларга қарши туриш учун асл сиёсий ўзгаришлар ва модернизация зарурлиги тушунилиб турибди. Бу сиёсий ислом ва жамият радикализмига қарши курашишнинг ягона йўли», — деди у.
Иккинчи сабаб эса, унинг фикрича, республиканинг демографик ўзига хосликларидан келиб чиқади.
«Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизи — 30 ёшгача бўлган одамлар. Яқинда Тошкентдаги Вестминстер университети талабалари билан тажриба ўтказиб, тўртта жавоб варианти бор савол бердим: «Ўзбекистон келажагини қанақа кўрасиз? Демократия, социализм, исломизм ёки миллатчилик. Баҳсдан сўнг аниқландики, ҳамма эмас, лекин кўпчилик демократияни танлар экан. Бу ёшлар танлови. Улар очиқликни, кўпроқ эркинликни, имкониятларни хоҳлайди. Ҳатто учрашувда рўмол ўраб ўтирган қизлар ҳам дунёвий демократия фойдасига овоз берди», — деди сенатор.
«Ҳар қандай давлат сайловчилар томонидан бўладиган босимни қабул қилиши лозим», — қўшимча қилди Сафоев.
Изоҳ (0)