Олмаота вилояти ички ишлар департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Нурлан Алмасбеков Олмаота – Тошкент трассасида йўл қароқчилари борлигини тасдиқлаб, 19 апрелида шахсан ўзи Ушконирга бориб, вазиятни ўрганганини қайд этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олмаота Тадбиркорлар палатаси кенгаши томонидан Олмаота – Тошкент трассасидаги ноқонуний назорат пунктларини бартараф этиш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, кенгашда палатанинг маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича эксперти Достон Тўракелдин «Сайран» автовокзалининг мурожаатини ўқиб эшитирган. Мурожаатда жорий йилнинг январь ойидан буён Олмаота – Жамбул йўналишининг жанубий қатновларида узилишлар юзага келгани, бунга сабаб қилиб номаълум шахслар томонидан Олмаота вилоятининг Қорасой туманидаги «Ушконир» автостанциясида автобуслар учун пуллик тураргоҳ ташкил қилингани кўрсатилган. Маълум бўлишича, автобус ҳайдовчилари қўрқитиш ва таҳдид йўллари билан ушбу ноқонуний тураргоҳда тўхтаб ўтишга мажбур қилиб келинган.
12 апрелдан Олмаота – Тошкент йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилган эди. Палата кенгашида Ушконирдаги ҳолат мазкур йўналишда қатнайдиган автобус ҳайдовчиларига ҳам даҳл қилганини Олмаота вилояти ички ишлар департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Нурлан Алмасбеков тасдиқлаган.
Унинг билдиришича, жорий йилнинг 19 апрелида шахсан ўзи Ушконирга бориб, вазиятни ўрганган. Ҳозирда мавжуд далиллар асосида жиноий иш очилган бўлиб, ишга алоқадор материаллар Еттисув транспорт прокуратураси, Олмаота йўловчи транспорти ва автойўллар, Қорасой туман ички ишлар бошқармаларида ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)